ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ИНСТИТУТИГА БИЛИМЛИ ЁШЛАРНИ ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИ АДОЛАТЛИ ЎТМОҚДА

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ИНСТИТУТИГА БИЛИМЛИ ЁШЛАРНИ ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИ АДОЛАТЛИ ЎТМОҚДА

    Инсоният тамаддунига ҳисса қўшган аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак оз. Илм оламига олиб кирган мўъжизалари учун ҳали қанча авлодларимиз Беруний, ал-Хоразмий, Форобий каби олиму фозилларимиздан миннатдор бўлади.

    Бугун ана шундай улуғ бобокалонларимизга муносиб издош бўлаётган замондошларимиз талайгина. Чунончи, ҳарбий соҳада ҳам илм-фандек машаққатли йўлни танлаб, ўқишга топшириш илинжида катта қизиқиш билдираётган ёшларимиз ҳам кўплаб топилади.

     Юрт тараққиёти юксак билим ва касбий малакага эга, замон руҳи билан ҳамнафас, соғлом ва теран тафаккурли, рақобатбардош кадрларга боғлиқ. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам юқорида қайд этилган ҳар томонлама рақобатбардош кадрларни тайёрлашга қаратилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909-сонли Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 141-сонли қарорида Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига интеллектуал ривожланган ва ҳар томонлама муносиб ёшларни танлаб олиш ва қабул қилишни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Жумладан, Ёнғин хавфсизлиги институтида ҳам ўқишга қабул қилиш, номзодларни танлаш тадбирлари жорий йил 8 июндан бошланган бўлиб, ушбу жараёнлар адолатлилик, шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида ўтказилиб келинмоқда.

    – Ёшлар учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди Институт бошлиғининг ўринбосари, полковник Чориёр Хўжанов – Биз номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тадбирларида абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига барча шарт-шароитларни, шу жумладан номзодларни танлаш тадбирларининг барча жараёнларида ота-оналарнинг бевосита кузатиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятини яратмоқдамиз.

    – Мана, муҳтарам Президентимиз ҳамма жойда адолат бўлсин. Билимлилар ўқисин деб айтмоқда. Мен Ёнғин хавфсизлиги институтида номзодларни танлаб олиш жараёнларини бевосита кузатар эканман, уларда адолатлилик, шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида ўтказилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдаман, дейди Сурхондарё вилоятидан ташриф буюрган Замира Суюнова. – Чунки билими бор ёшлар ўз Ватанини ривожлантиради. Шу қаторда бизникилар ҳам ўқишга кирса халқимизнинг корига ярайдиган алп-қоматли, чинакам мард ўғлонлар бўлишсин дейман. Ўзим ҳам биология фани ўқитувчисиман. Яхши ўқиса ризқи улуғ бўлади.

    – Фарзандларининг камолини кўриш ҳар бир ота-она орзусидир. Аудиторияда ёзма (диктант) ишини ҳавас илинжида берилиб ёзаётган ўғлим қатори ёшларни кузатар эканман, беихтиёр барчаларини мана шундай олий даргоҳни курсанти бўлишдек бахтга етказсин, дейди Қашқадарёлик Турғун Бобохонов.

    – Ўғлим Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга киришга жудаям қизиқиб ҳужжат топширган. Икки кундан буён бўлиб ўтаётган тиббий кўрик, компьютер саводхонлиги, психофизиологик тест синовлари ва ёзма (диктант) ишларини босқичма-боқич топшираётганларини кузатиб бораяпман. Ушбу олий даргоҳда командирларини ва комиссия аъзоларини ташкилотчилик юқори савияда айниқса, абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига хушмуомалалик ва алоҳида эътибор билан қараётганига, уларнинг иқтидорини ҳалоллик билан баҳолаётганига гувоҳ бўлаяпман, дейди Бухоро вилоятидан ташриф буюрган Муаззам Тўхтаева – Имтиҳонлар адолатли бўлаяпти.

     Таълим даргоҳида номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тадбирлари давом этмоқда.

Фарҳоджон Хожаев, 
Умумилмий фанлар кафедраси 
ўқитувчиси