ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИ ШАФФОФ ВА ОЧИҚЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИ ШАФФОФ ВА ОЧИҚЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

      Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга қабул қилиш ва номзодларни танлаш жараёнларидан ўтган 3 кун мобайнида 500 дан ортиқ абитуриентлар ўтди. Шунингдек, ушбу жараёнларни адолатлилик, шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида ўтаётганлигини уларнинг ота-оналари бевосита кузатиб боришмоқда.

         Шу жумладан, тиббий кўрик, компьютер саводхонлиги, психофизиологик тест синовлари ва ёзма (диктант) ишлари ҳамда якуний суҳбат синовларини муваффақиятли топширган абитуриентлар навбатдаги кириш тест синовига йўлланмани қўлга киритишмоқда. 

   Номзодларни танлаш жараёнлари видеокузатувлар орқали ҳамда жамоатчилик, шу жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кузатиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда, – дейди Институт бошлиғининг ўринбосари, подполковник Абдуазим Ахмадходжаев.

     – Ўғлимнинг юртимиздаги ҳарбий олий таълим муассасаларининг орасидан айнан Ёнғин хавфсизлиги институтини танлаб, унга катта қизиқиш билан тайёргарлик кўриб келди. Бугун мен ўғлимнинг ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказилаётган имтиҳон жараёнларида бевосита кузатувчи сифатида иштирок этиб келмоқдаман. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, ушбу синов жараёнлари адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш масаласига жиддий ёндашилганини гувоҳи бўлиб турибман, – дейди Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган Хонзода Сейдуллаева.

       – Мен бугун синовлардан ўтар эканман, бу ердаги яратилган шарт-шароитлардан алоҳида мамнун бўлдим. Шу билан бирга компьютер саводхонлиги ҳамда якуний суҳбат бўйича берилаётган саволлар ўзим ўқиб тайёргарлик кўрган мавзуларга яқин бўлиб уларга аниқ ва лўнда қилиб жавоб берса бўлар экан, дейди Наманганлик Бобиржон Акбаров. – Уларни қайта-қайта ўқиб, мағзини чақишга ҳожат қолмаган. Ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш барчанинг билим даражасига боғлиқ эканлиги яққол кўзга ташланмоқда. Ростини айтганда, яхши тайёргарлик кўриб астойдил ҳаракат қилган тенгдошларимиз албатта барча синовлардан муваффиқиятли ўтиб олса бўлади.

     – Ўғлим ушбу даргоҳга қизиқиши туфайли абитуриент сифатида ҳужжатларини топшириб, шу кунга қадар синовлардан босқичма-босқич ўтиб келмоқда. Аудиторияда ёзма (диктант) ишни ҳавас илинжида берилиб ёзаётган ўғлим қатори ёшларни кузатар эканман, беихтиёр барчалари имтиҳонларни муваффиқиятли топшириб мана шундай ҳарбий таълим муассасини курсанти бўлиш насиб этишини тиладим, – дейди Самарқандлик Фазлиддин Бўриев.

    – Ушбу олий даргоҳда ташкил этилган қабул комиссияси фаолиятини кузатар эканман, ташкилотчилик юқори савияда айниқса, комиссия аъзоларининг абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига бўлган хушмуомалалик билан алоҳида эътибор бераётганини эътироф этмоқчиман, ёшларимизнинг иқтидорини ҳалоллик, шаффофлик ва адалотли баҳоланаётганига ўзим гувоҳ бўлиб турибман, – дейди Фарғоналик Паризод Юнусова.

     Таълим даргоҳида номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тадбирлари давом этмоқда.

Фарҳоджон Хожаев,
Умумилмий фанлар
кафедраси ўқитувчиси