Abituriyent


Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга қабул қилиш тартиби ва номзодларга қўйиладиган талаблар:

 

Ўзбекистон Республикаси  ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга қабул қилиш тартиби ва номзодларга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сонли «Олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги
ПҚ-3413-сонли «Ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Қарорларида белгиланган.

Ушбу меъёрий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишгаҳар томонлама муносиб ва соғлом бўлган ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшдаги ҳам, бўйи 165 сантиметрдан паст бўлмаган ўрта, ўрта-махсус ёки касб-ҳунар маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилар (ўғил болалар) қабул қилинади.

Ўқишга кириш истагида бўлган номзодлар ҳар йили 15 ноябрдан қабул йилининг 15 февралига қадар ўзларининг яшаш жойидаги ички ишлар органига ариза билан мурожаат қиладилар. Ўқишга номзодларни танлаш босқичма-босқич амалга оширилади.

Биринчи босқич: Ўқишга номзодлар ариза билан мурожаат этишганларидан сўнг, улар билан дастлабки танлаш тадбирлари, яшаш жойлардаги Ички ишлар бошқармаларида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 15 ноябрдан 1 апрелга қадар қуйидаги тартибда ўтказилади:

Номзодларнинг ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, якка тартибда суҳбатлашиш, индивидуал-психологик ўрганиш, умумжисмоний тайёргарликларини баҳолаш ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш.

Ушбу синов ва текширувлардан муваффақиятли ўтган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, кейингиҳарбий-профессионал танлаш тадбирларидан  ўтишга тавсия этилади.

Иккинчи босқич: Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари Ёнғин хавфсизлиги институтида июнь ойида қуйидаги тартибда ўтказилади:

Тиббий кўрикдан ўтказиш, психофизиологик ўрганиш, ёзма иш (диктант), компьютер техникаси ва ахборот коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат.

Якуний суҳбатда номзодларнинг тўплаган балларидан келиб чиқиб,  тест синовларини топширишга қўйиш (Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2015 йил 3 февралдаги 19-сон «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» буйруғи талаблари) бўйича узил-кесил қарор қабул қилинади.  

Учинчи босқич: Тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йилнинг 5 июлда ўтказилади. Тест учта саволлар тўплами (математика, кимё ва она-тили) бўйича ўтказилади. Она-тили тўпламига номзод таҳсил олган чет тилидан саволлар киритилади.